Ўзбекистон ГЭСлари тарихи: Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади таркибидаги ГЭС-18

2020-03-25 12:19:40

Тошкент вилоятида жойлашган ГЭС-18 Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади таркибига кириб, каскад фаолиятида ўзининг муносиб ўрнига эга.

Мазкур ГЭС “Средазгидропроект” лойиҳалари бўйича қурилган. Лойиҳа муаллифи Л.В.Талалов ҳисобланади. Қурилиш ишлари “Чирчикстрой” томонидан 1945-1950 йилларда амалга оширилган ҳамда 1949 йил июнь ойида ГЭС ишга туширилган.

1972 йилда ГЭС турбиналарининг қисмлари реконструкция қилинган.

ГЭС-18 – каскаднинг иккинчи зинапоясида жойлашган бўлиб, Тошкентдан 20 км узоқликда Янгийўл туманида, Қуйи Бўзсув ирригация канали Бош иншоотининг бевосита пастида жойлашган. У эса, бир вақтнинг ўзида ГЭСнинг бош иншооти (тўғони) саналади.

ГЭС-18 да ҳар бирининг қуввати 2,34 МВт бўлган 3 та агрегат ўрнатилган бўлиб, ГЭСнинг умумий қуввати 7 МВт ни ташкил этади. Агрегатлар 1949-1950 йилларда ишга туширилган.

Ҳар бир агрегат вертикал турбинадан иборат бўлиб, тури – ПРК 245-ВБ 220, кучи – 185,5 айл./мин га тенг. Сув босимининг 10,5 м ва сув сарфининг 25 м3/сек да номинал қуввати 2340 кВт га, генератор қуввати 3125 кВА, тури ВГС 325/49-32, босим 6,3 кВ га тенг.

Энерготизим билан алоқа 35 кВ ли подстанция орқали амалга оширилади. Канали очиқ турда бўлиб, узунлиги 325 метр, кенглиги 12 метр, чуқурлиги 4,5 метрни ташкил қилади. Каналнинг сув ўтказиш қобилияти 90 м3/сек.

Ахборот хизмати