Ўзбекистон-Туркия: барқарор ҳамкорлик сари

2020-02-20 09:42:00

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19 февраль куни ташриф билан Туркияга келди. 

"Эсонбуға" халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия ҳукумати аъзолари, Анқара музофоти ва шаҳри раҳбарияти, бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Бугун Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия муносабатлари, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий,  транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Туркия Республикаси Президенти саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркиянинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

 

Шундан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

  

Ўзаро манфаатли имкониятларни ишга солиш, янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Транспорт соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. 

Интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистонда замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш таклифи кўриб чиқилди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томонлама сиёсий мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани яна бир бор тасдиқланди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон Президенти ташрифидан мамнун эканини билдирди.

 

- Илмлари, ижодлари билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир. Ўзбекистон билан муносабатларимиз мустаҳкам қардошлик ришталарига таянган ҳолда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини эътироф этамиз, - деди Туркия Президенти.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.  

– Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотимизнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик, – деди давлатимиз раҳбари.

Аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка ёндашувлар муштарак экани таъкидланди. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда ҳам мулоқотни кучайтириш лозимлиги айтилди. 

Маърифий Исломни тарғиб этиш, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида биргаликда тадбирлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. 

– Қардош халқларимиз тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёти йўлида ривожланиб бораётган анъанавий дўстлик, кенг қамровли ҳамда истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Айнан шу тамойиллар мулоқотимиз якунида имзоланган Қўшма баёнотда ўз ифодасини топди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга ташрифи давом этмоқда.