“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мажлислар залида Президент Мурожаатномаси онлайн равишда намойиш этилди

2020-01-24 16:14:48

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига навбатдаги Мурожаатномасига бағишланган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси онлайн тарзда намойиш этилди.

2020 йилда мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишлари, изчил ислоҳотлар, хусусан, янгиланиб бораётган жонажон Ўзбекистонимиз олдида турган янгидан-янги замонавий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича улкан вазифаларга бағишланган Мурожаатномани тўғридан-тўғри, бир жамоа бўлиб тинглаш, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланаётган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини англаш, ушбу ўзига хос дастуриламалдан келгуси иш фаолиятида самарали фойдаланиш мақсадида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мажлислар залига Жамият ижро аппарати ходимлари ҳамда тизим корхоналари вакиллари тўпландилар.

Маълумки, мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим янгилик бўлган бундай тадбир илк бор 2017 йил 22 декабрда ўтказилган эди. 2018 йилнинг 28 декабрида эса иккинчи Мурожаатнома тақдим этилди. Мазкур дастурий маърузалар чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, барча соҳаларга алоқадорлиги билан халқимизда ва ҳамкор мамлакатларда катта қизиқиш уйғотганди.

Навбатдаги Мурожаатномада ҳам 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, ёшлар таълим-тарбияси, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган кенг кўламли ишларни жадал давом эттириш, шунингдек, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бериш таклиф этилди.

Ахборот хизмати