КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – УСТУВОР ВАЗИФА

2020-01-09 19:50:46

Ҳозирги кунда мамлакатимизда давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни ортга сурувчи коррупция иллатига қарши курашиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2020 йил 9 январь куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ижро аппаратида Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Бекзод Амирсаидов иштирокида Жамият тизимида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган амалий чора-тадбирлар, шунингдек, кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Жамият ижро аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, тизим ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш давомида коррупцияга қарши курашишда изчиллик ва тизимлиликка аҳамият бериш, Жамият тизимидаги юқори бўғиндан тортиб то қуйи бўғинга қадар мазкур иллатга қарши кураш чора-тадбирларини кучайтиришга оид долзарб мавзуларда фикр-мулоҳаза алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, коррупция – мамлакат фуқароларининг ижтимоий адолат ҳамда давлат органларига бўлган ишончини сусайтиради, иқтисодий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади, жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига, ижтимоий тараққиёт кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан бир қаторда, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган миллий қонунчилик базаси шаллантирилди.

Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизим корхона ва ташкилотларида ҳам тизимли ва самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан  2019 йил 31 июлда тасдиқланган чора-тадбирлар дастури асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Жамият томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017 йил 9 октябрдаги 50-сон буйруғи билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларни олдини олиш бўйича комиссия таркиби тасдиқланган бўлиб, мазкур комиссия томонидан 2019 йил 13 февралда “Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва бошқа суиистеъмолчиликларни олдини олиш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар Дастури” ишлаб чиқилди.

  Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурига мувофиқ  “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди:

- коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” (compliaence control) тизимини жорий этиш;

- коррупция ҳолатлари содир этилганлиги бўйича мурожаатларни қабул қилувчи “Сall-centre” (ишонч телефони)ни жорий этиш;

- ходимлар ўз вазифаларини бажаришида манфаатлар тўқнашувига олиб келишини инобатга олиб, шахсий манфаатдорлик юзага келиши ҳақида ҳисоб бериш мажбуриятини бажариш, шунингдек, бундай низони олдини олиш ёки ҳал қилиш учун чоралар кўриш;

- Жамиятнинг расмий веб-сайтида “коррупцияга қарши кураш” бўлимини яратиш ва коррупцияга қарши кураш тадбирлари ҳақидаги ҳисоботлар ва маълумотлар билан доимий тўлдириб бориш;

- ишга биринчи марта қабул қилинаётган шахслар учун қисқа муддатли таълим курсларини ўқитиш, қоррупцияга қарши курашиш йўл-йўриқларини тушунтириш, хизмат вазифасига қўйиладиган асосий мажбуриятлар, таъқиқлар, чекловлар, талаблар ва идоравий одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳиятини тушунтириш.

Тадбир якунида коррупцияга қарши изчил курашиш бўйича белгиланган вазифаларни янада кучайтириш, бу борада, масъул ижрочилар томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирларни сифатли ва самарали бажариш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

 

Ахборот хизмати