“Энергетиклар сиҳатгоҳи” махсус сертификатга эга бўлди

2019-11-29 21:24:36

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ га қарашли “Энергетиклар сиҳатгоҳи” – гидроэнергетика тизимида фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг мароқли ҳордиқ чиқариши, саломатлигини назорат қилиши ва тиклаши учун мўлжалланган сиҳатгоҳ ҳисобланади.

2018 йилда “Энергетиклар сиҳатгоҳи” тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, янги қиёфада қад ростлади. Сиҳатгоҳ бир вақтнинг ўзида 120 дан ортиқ дам олувчи ва даволанувчиларга мўлжалланган, барча қулайликларга эга бўлган замонавий санатор-курорт маскани бўлиб, пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Қибрай туманининг сўлим гўшаси – Бўзсув каналининг бўйида жойлашган.

Сиҳатгоҳда дам олувчилар ихтиёрига барча қулайликларга эга 1, 2, 3 ва 4 ўринли ярим люкс, люкс ва коттедж ўринлари таклиф қилинади.

Санаторий неврология, кардиология, стоматология, урология, гастро-энтрология каби касалликларни даволашга ихтисослаштирилган соғломлаштириш маскани ҳисобланади. Хусусан, сиҳатгоҳга сўнгги русумдаги замонавий диагностика ускуналари олиб келинди.

Сиҳатгоҳда соғломлаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Дам олиш маскани юқори малакали ходимлар билан таъминланган. Ушбу масканда дам олувчилар учун даволаш гимнастикаси зали, маънавият-маърифат маркази, кутубхона, амфитеатр, замонавий ошхона, кино заллари, мусиқали фаввора, рақс майдони, фитнес заллари, очиқ спорт майдончаси, очиқ сузиш ҳавзаси ҳамда йиғилиш ва анжуманлар учун конференция заллари мавжуд.

Сиҳатгоҳдаги барча хоналар замонавий таъмирланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланган. Wi-Fi интернет зоналари ташкил этилган.

Сиҳатгоҳда кенг кўламдаги:

- физиотерапия муолажалари (лазер-терапия, магнит-терапия, массаж, парафин-озокерит, озон-терапия, ультра-товуш, дарсенваль, электрофорез, амплипульс, ингаляция, цзинда, Nuga Best, кедрли бочка);

- касалликларни аниқлаш учун ҳар хил усуллардаги клиник-диагностик лаборатория текшируви, ЭКГ ва ультра-товуш (УЗД) орқали текширувлар;

- терапевт, кардиолог, невропатолог, стоматолог, уролог, физиотерапевт, гастроэнтеролог ва оторинолоринголог хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Сиҳатгоҳ учун яна бир ютуқ – унга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сертификатлаштириш миллий тизими “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази“ ДУК томонидан Мувофиқлик сертификати берилганлигидир. Эндиликда, мувофиқлик сертификатига биноан, “Энергетиклар сиҳатгоҳи” хорижий меҳмонлар, туристларга ҳам давлат стандартларига мос равишда меҳмонхона ва санатор-курорт хизматларини кўрсатиш имконига эга бўлди.

Ахборот хизмати