ХАЛҚАРО СЕМИНАР ИШТИРОКЧИЛАРИ “УЧ ДАРА” ГЭС ГА ТАШРИФ БУЮРДИ

2019-11-07 18:03:59

2019 йил 6 ноябрь куни Хитой Халқ Республикасида давом этаётган Гидроэлектростанцияларни бошқариш ва ривожлантириш бўйича халқаро семинар иштирокчилари Янцзи дарёсида бунёд этилган Осиёнинг энг йирик гидроэлектростанцияларидан бири ҳисобланган “Уч дара” ГЭС га танишув сафарини уюштирдилар.

Дастлаб, белгиланган дастур бўйича халқаро семинар иштирокчилари Чунцин шаҳридаги “Уч дара” музейига ташриф буюрдилар. ХХРнинг жозибали даргоҳларидан бири ҳисобланган мазкур музей 2005 йилда очилган бўлиб, умумий майдони 40 минг м2 ни ташкил қилади. Музейдан “Уч дара” ГЭС билан боғлиқ тарихий манбалар, махсус экспозициялар, тўғон ва гидроэлектростанция қурилиши жараёни билан боғлиқ кўргазмалар ўрин олган.

Сўнгра, семинар иштирокчилари нафақат Осиёда, балки дунёда ҳам энг йирик гидроиншоотлардан бири ҳисобланган “Уч дара” ГЭС га ташриф буюрдилар.

Маълумот учун, “Уч дара” ГЭС қурилиши 1992 йилда бошланган бўлиб, 2003 йилдан эксплуатацияга берилган. ГЭС нинг ўрнатилган қуввати 22,5 ГВт ни ташкил қилади. 2014 йилда ГЭС томонидан жаҳон бўйича рекорд – 98,8 млрд. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. ГЭС тўғони узунлиги 2309 метрни, баландлиги 181 метрни ташкил қилади.

Иштирокчиларга “Уч дара” ГЭС қурилиши тарихи, унинг техник асослари борасида батафсил маълумотлар берилди.

Ахборот хизмати
Хитой Халқ Республикаси, Хубэй