Шахмат мусобақаси ғолиблари аниқланди

2019-08-30 14:52:30

Маълумки, шахмат ўйини дастлаб Шарқда пайдо бўлган. Бугунги кунда ақл гимнастикаси дея эътироф этиладиган шахмат қадим тарихга эга спорт турларидан бири. Шахматни оддий спорт, деб атасак, муболаға қилган бўламиз. Шахмат ўзига хос санъат, тафаккурлар жанги, юксак интеллектуал салоҳият талаб қилувчи илм ҳамдир.

Бугун мамлакатимизда минглаб ўғил-қизлар шахмат билан мунтазам шуғулланмоқда. Улар орасидан етишиб чиқаётган иқтидор соҳиблари жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида тизим ташкилотлари ва корхоналари ходимлари ўртасида шахмат мусобақаси ташкил этилди.

Мусобақанинг дастлабки босқичида тизимда меҳнат фаолиятини олиб бораётган 300 дан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этдилар.

2019 йил 24 август куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ шахмат кубоги учун мусобақанинг якуний босқичи ўтказилди. Унда республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган мусобақаларнинг 24 нафар ғолиблари иштирок этди.

Якуний мусобақада 1-ўринни Улуғбек Турсунов (“Гидропроект” АЖ Гидротехника бўлими бошлиғи), 2-ўринни Жалолиддин Донамуродов (“Тўполанг” УК станцияси цех бошлиғи) ва 3-ўринни Ифтихор Абдурахимов (“To’palang HPD Holding” МЧЖ Ходимлар бўлими бошлиғи) эгаллади.

Мусобақа ғолибларига “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан пул мукофотлари, фахрий ёрлиқ ва  эсдалик совғалари топширилди.

Хусусан, ғолиблар 1-ўрин учун 5 000 000, 2-ўрин учун 3 000 000, 3-ўрин учун 1 000 000 сўм пул мукофоти билан тақдирландилар.

Медиа марказ