Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилишига бағишланган тантанали тадбир

2019-07-10 14:03:03

2019 йилнинг 9 июль куни, Наманган вилояти Учқўрғон тумани “Обод гулистон” маҳалласида қурилиш ишлари 2017 йил июнь ойида бошлаб юборилган Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Бундан роппа-роса 80 йил олдин - 1939 йил 1 августда 40 кун ичида ҳашар йўли билан қуриб битказилган Катта Фарғона каналининг тантанали очилиши маросими ўтказилган эди.

Ушбу мисли кўрилмаган тарихий қурилиш Фарғона водийсининг минглаб гектар ерларини ўзлаштиришда асосий сув иншооти бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Ҳозирги кунда юртимиздаги йирик сув магистраллардан бири ҳисобланган Катта Фарғона каналининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ишларини такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, шу асосда янги экологик тоза ишлаб чиқиш қувватларини ташкил этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш негизида амалдаги гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, илғор хорижий тажрибани изчил ўзлаштиришни ҳисобга олган сув ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек, энергетика ресурсларининг мутаносиблигини ошириш, саноат корхоналари ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017–2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарори асосида республикамизнинг табиий сув оқимлари ва сув хўжаликлари объектларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланган эди.

Унга кўра, 2017–2019 йилларда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналида умумий қуввати 12 МВтга эга бўлган кичик ГЭСлар каскадини қуриш вазифаси белгиланган. Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга тушурилиши натижасида Наманган вилояти йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 72,89 млн. кВт.с га оширишга эришилади. Бу эса, 48 минг хонадонни ёки вилоятнинг Учқўрғон туманини узлуксиз экологик тоза ва қайта тикланувчи электр энергияси билан тўлиқ таъминлашга имкон беради.

Лойиҳада ҳар бирининг қуввати 6 МВт бўлган иккита кичик ГЭСдан иборат бўлган каскад Катта Фарғона каналининг ПК 142 дан то ПК 184 ҳудудида қурилган бўлиб, мазкур ҳудудларда тегишли топографик-геодезия тадқиқотлари олиб борилди ва зарур хулосалар тақдим этилди.

Ҳозирги кунда кичик ГЭСлар каскадига сув борувчи каналнинг икки қирғоғига 3 минг тупдан зиёд мевали, 200 тупдан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, мазкур ҳудуд ободонлаштирилди.

Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскадининг ишга туширилишига бағишланган тантанали тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним,  “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ижро аппарат раҳбари Сухроб Хамроев ва масъул ходимлари, Вилоят хокими Хайрулла Бозоров, ҳукумат вакиллари, ГЭСни қуриш-монтаж ишларида иштирок этган корхоналар, шунингдек ҳамкор Хитой Халқ Республикаси вакиллари иштирок этдилар. Расмий очилиш маросимидан сўнг кичик ГЭС каскадини ишга тушириш бўйича рамзий тугма босилди ва кичик ГЭСлар каскади ишга тушди. Сўнг меҳмонлар қурилган замонавий бунёдкорлик иншооти билан яқиндан танишдилар.

Гидроэнергетика соҳада бошланган ислоҳотлар ва олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари аҳоли ва саноат тармоқларининг электр энергиясига талабини қондиришга хизмат қилади. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги бунёд этилаётган ГЭСлар энергия манбаи бўлиш билан бирга кўплаб янги иш ўринларини яратади.

Матбуот хизмати